PROlogue - 2017

2017 йил 27-30 ноябрь. Тошкент. Ёшлар ижод саройи.

PROlogue - 2017

Шу кунларда Ёшлар саройи ҳақиқий маънода ёшларнинг кино байрами масканига айлана олди.

Ёшлик шижоатини эсга солиб турувчи алвон рангдаги баннерлар билан безатилган Ёшлар ижод саройи Ўзбекистоннинг энг машҳур режиссёр, актёр, оператор, продюсерлари, журналистлар, фотографлар, блоггерлар, ёш киночилар ҳамда кино ихлосмандлари билан тўлди.

Учинчи марта ташкил этилаётган “PROlogue” фестивали 2017 йилда ўта юқори даражада ташкил этилиши билан ҳам 2018 йилда бўлиб ўтадиган халқаро фестивалга репетиция вазифасини ўтади. “PROlogue – 2017” – халқаро фестиваль остонасида” шиори тўлалигича ўзини оқлади.

“PROlogue – 2017”

Ташкилотчилар

  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
  • Ёш киноижодкорлар кенгаши
  • “Ўзбеккино” Миллий агентлиги
  • Кинематографияни ривожлантириш маркази

27 ноябрь

Орамиздаги афсоналар

27 ноябрь. Фестиваль «Орамиздаги афсоналар» фотокўргазмаси билан очилди. Фотокўргазма ўзбек киноси ривожига муҳим ҳисса қўшган ва ёш кинематографларга ҳозирда ҳам устозлик қилаётган кино афсоналарига бағишланди.

Фотокўргазма ғояси муаллифи: Мухлиса Азизова

Фотограф: Ғайрат Мўминов

“PROlogue – 2017”

Ғолиблар

Фестиваль қатнашчилари 6 та номинация бўйича тақдирланишди:

  • 1. “Энг яхши қисқа метражли фильм» - «У». Режиссёр: Мухлиса Азизова
  • 2. «Энг яхши режиссёр» - «Аквариум». Режиссёр: Хасан Алижонов
  • 3. «Энг яхши оператор» - “Лимузин”. Оператор: Бахтиёр Атабаев.
  • 4. «Энг яхши сценарий» - «Хоразм –жонгинам». Сценарист: Мафтуна Аллоқулова
  • 5. «Энг яхши актёр» - «Устунсиз уй». Актёр: Фотих Насимов
  • 6. «Энг яхши актриса» - «Дилемма». Актриса: Ойпарча Абдуллаева

Фестивалда иштирок этиш учун ёш кино ижодкорлардан 93 та ариза ва қисқа метражли фильмлар келиб тушди.
Саралаш комиссияси тавсия этган 15 та фильм фестивалнинг асосий дастурига киритилди.

PROlogue – 2017

Мастер-класс.

Фестиваль доирасида ҳозирда хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган таниқли ўзбек кинематографлари Али Ҳамраев, Элёр Ишмухаммедов, Одильшо Агишев, Юсуф Розиқов ёшларга режиссура ва драматургиядан мастер класс ўтишди. Бу устоз киноижодкорлар фестиваль учун атайин хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга келишди.

PROlogue – 2017

Илмий-амалий конференция.

Фестивалнинг иккинчи куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида ташкил этилган ёш тадқиқотчиларнинг “Ёшлар ва кинематография” илмий-амалий конференцияси билан бошланди.

Унда бугунги ўзбек кино санъатининг ютуқ ва муаммолари ёш олимлар томонидан таҳлил этилди.

Фестивалнинг учинчи кунида бўлиб ўтган питчингда ёш кинорежиссёрлар қисқа метражли фильм лойиҳаси билан иштирок этишди.

Питчингда жами 8 та энг яхши сценарий лойиҳалари иштирок этди ва улар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгаши томонидан баҳолаб борилди.

Иккита энг яхши деб топилган сценарийлар 2018 йилда давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириш имконини берувчи сертификатга эга бўлди.

Шунингдек, фестивалнинг учинчи кунида “Халқаро кинофестиваль остонасида” номли давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг кино соҳасидаги ташкилотлари раҳбарлари, таниқли олимлар, режиссёрлар, актёрлар, оператор, продюсер ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Давра суҳбати 2018 йилда “PROlogue” кинофестивалини халқаро миқёсда ташкил этиш масалаларига бағишланди. Бугунги кунда хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, қолаверса, хорижий кинофестивалларда иштирок этиб келаётган киночилар 2018 йилда Тошкент шаҳрида халқаро кинофестиваль ташкил этиш ҳақидаги ғояни маъқуллаб, ташкилий ишлар бўйича маслаҳатлар беришди.

Фестивальнинг сўнги куни – 30 ноябрь Ўзбекистонда ҳақиқий кино байрамига айланди.

“Қизил йўлакча”дан Ўзбекистоннинг энг машҳур санъат ва маданият намоёндалари ўтиб боришар экан, йиғилган юзлаб фото ва видеокамералар уларни тарихга муҳрлади.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида ўзбек киносининг энг гўзал саундтреклари янгради. Қўшиқларни эса бугунги кун ўзбек киносининг энг таниқли ва севимли актёрлари замонавий интерпретацияда куйлашди. Тантанали ёпилиш маросими ҳақиқий кино оқшомига айлана олди.

“PROlogue – 2017” фестивали ёш киноижодкорларнинг ҳақиқий байрами сифатида ҳали узоқ ёдда қолади!